ТОШКЕНТ, 14 мар — Sputnik. Қозоғистонда январь воқеаларидан кейин 19 нафар чет эллик фуқароларга нисбатан жиноий иш очилган. Бу ҳақда мамлакат Бош прокуратурасининг жиноий таъқиб хизмати бошлиғи Серик Шалабаев маълум қилди.
“Жиноий иш юритишида 19 нафар хорижлик бор. Улар орасидаги 11 нафари Ўзбекистон фуқаролари, тўрт нафари Россия, икки нафари Қирғизистон ва бир нафардан Хитой ва Тожикистон фуқаролари”, - деди Шалабаев парламентнинг қуйи палатасидаги йиғилишда.
Тергов маълумотларига кўра, уларнинг ҳаракатлари оммавий тартибсизликларда иштирок этиш ва ўғрилик фактлари бўйича баҳоланмоқда.
“Ҳали тергов олиб борилмоқда, ўзгаришлар бўлиши мумкин”, - дея қўшимча қилди у.
2022 йил январь ойи бошида Қозоғистонда оммавий тартибсизликлар бўлиб ўтди, улар қатнашчилари полиция ва ҳарбийларга ҳужум қилишди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев буни давлат тўнтаришига уриниш деб атаб, КХШТга ёрдам сўраб мурожаат қилди. 7 январга келиб вазиятни изга солишга эришилди, 19 январь куни бутун мамлакат бўйлаб жорий қилинган фавқулодда ҳолат бекор қилинди. Ҳукумат маълумотларига кўра, бу воқеалар натижасида 230 киши ҳалок бўлган, 4,5 мингдан зиёд киши жабрланган.