ТОШКЕНТ, 11 мар - Sputnik. Эндиликда хориждаги ўзбекистонлик ёшлар ўз юртидаги вазирлик ва идораларга ишга жалб қилинади. Бу бўйича 101-сонли ҳукумат қарори қабул қилинди.
2022 йил июндан хориждаги нуфузли ОТМда ўқиётган, етакчи компанияларда ишлаётган ўзбекистонлик ёшлар мамлакатнинг вазирлик, идора ва ташкилотларида ишлашлари мумкин бўлади.
Ўзбекистон ёш мутаҳассисларни хизмат турар жойлари билан таъминлайди. Улар камида 2 йил ишласа, уй-жой учун ипотека кредитининг дастлабки бадали ва фоизларнинг бир қисмини қоплашга субсидия берилади.
2022 йил 1 июнгача “Ёш ватандошлар реестри” электрон тизими ишга туширилади. Ушбу тизим хориждаги ватандош олимлар, экспертлар ва тадқиқотчилар очиқ рўйхатдан ўтадиган платформага интеграция қилинади.
Ҳар йили 1 мартгача давлат органлари ва ташкилотлари тизимидаги малакали ёш мутахассислар ва ёш ватандошларни келгусида юқори лавозимга тайинлаш бўйича асосланган таклифларни Ёшлар ишлари агентлигига беради.
Агентлик эса 1 апрелгача таклифларни ўрганиб Президент Администрациясига тавсия киритади.
Маълумот ўрнида, ўтган йили хорижда яшаётган юртдошларни тарихий Ватани атрофида жипслаштириш, уларнинг қалби ва онгида юрт билан фахрланиш туйғусини юксалтириш мақсадида "Ватандошлар" жамоат фонди ташкил этилган эди.