Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик кўрилмоқда

Форумда Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё таррақиёт банки президентлари, вазирлар, йирик корпорация ва компаниялар раҳбарлари иштирок этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумига тайёргарлик масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Ушбу форум 24-26 март кунларига режалаштирилган бўлиб, унда халқаро ташкилотлар ва молиявий тузилмалар, 56 та давлатдан 1 минг 500 нафардан зиёд йирик инвесторлар ва юқори мартабали меҳмонлар қатнашиши кутилмоқда.
Хусусан, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Осиё таррақиёт банки президентлари, вазирлар, йирик корпорация ва компаниялар раҳбарлари иштирок этади.
Форум доирасида ялпи мажлис ва шўъба мажлислари, давра суҳбатлари, тақдимотлар, брифинглар каби 40 дан ортиқ тадбирлар кўзда тутилган.
Таъкидланишича, мазкур анжуман мамлакат иқтисодиёти учун зарур бўлган истиқболли лойиҳаларнинг тақдимот платформаси бўлиб хизмат қилади. Республикадаги имкониятлар, хорижий инвесторлар учун яратилган шароитлар ва жозибадор йўналишлар таништирилади.
Йиғилишда форумга тайёргарлик ишларининг бориши ҳақида ахборот берилди.
Давлат раҳбари бундай инвестиция форуми Ўзбекистонда биринчи марта ўтказилаётганига эътибор қаратиб, уни юқори даражада ташкиллаштириш бўйича кўрсатмалар берди.
Россия-Ўзбекистон савдо-сотиғи йил охирида 7 миллиард бўлади - Мирзиёев
Мамлакатнинг халқаро бизнес ҳамжамиятига очиқлигини намойиш этиш, ҳар бир тармоқ ва ҳудуднинг инвестицион салоҳиятини кўрсатиш зарурлиги таъкидланди. Йирик лойиҳаларга илғор технологиялар ва инвестицияларни жалб қилиш бўйича аниқ натижаларга эришиш вазифаси қўйилди.