Барча давлат органларида раҳбарнинг камида битта ўринбосари аёл киши бўлади

2024 йилгача барча давлат органлари раҳбарларининг камида битта ўринбосари аёл киши бўлади. Бу президент имзолаган янги фармонда кўзда тутилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. 2024 йил 1 январга қадар Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитаси ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар ходимлари орасида хотин-қизларнинг улуши камида 30 фоизга етказилади. Бу президент Шавкат Мирзиёев имзолаган "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонда белгиланган.

Худди шу санага қадар барча давлат органлари ва ташкилотлари, устав капиталида давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган ташкилотлар ҳамда уларнинг тизимидаги ташкилотлар раҳбарларининг камида 1 нафар ўринбосари хотин-қизлар орасидан тайинланади.

Агар тегишли ташкилотларда раҳбар аёл киши бўлиб, унда фақат бир нафар ўринбосар бўлса, у ҳолда бу талаб мажбурий ҳисобланмайди.
Давлат бошқаруви академиясида раҳбар хотин-қизларни тайёрлаш бўйича алоҳида ўқув курслари ташкил этилади ҳамда ҳар йили камида 100 нафар хотин-қизларни ўқитилади.
Давлат хусусий секторда ишлайдиган аёлларга ҳомиладорлик нафақасини қисман тўлаб беради
Маълумот ўрнида, 1 март куни президент раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев "Аёллар ишлаган ва раҳбарлик қилган жойларда тартиб, адолат, ҳалоллик, маданият юқори бўлиши ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, ҳар бир вазирлик, давлат компанияси, банк ва бошқа идоралар бир-икки йил ичида ўз тизимидаги аёлларни раҳбарликка ўқитиб, камида 1 нафар ўринбосарини ҳам аёллардан қўяди", деган эди.