ТОШКЕНТ, 10 мар — Sputnik. Шавкат Мирзиёев имзолаган "Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармон билан алимент бўйича қарздорликни ундиришга оид янги талаблар жорий этилмоқда.
Ҳужжатга кўра, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура уч ой ичида алимент тўловларини ундириш тизими самарадорлигини ошириш юзасидан янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиши керак.
Унда қуйидагилар назарда тутилади:
алимент бўйича қарзи борлар қарзни тўлиқ қопламагунича транспорт воситасини бошқариши вақтинча чекланади;
қарздорга лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга бўлган давлат хизматларини вақтинча кўрсатилмайди;
алимент бўйича қарздорлик мавжудлиги никоҳ тузиш учун монелик қиладиган ҳолат сифатида белгиланади.
Шунингдек, Мажбурий ижро бюроси ҳузурида “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилмоқда. Унга бюронинг ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан 50 миллиард сўм ажратилади.
Агар фуқародан суд қарори билан алимент уч ой ичида ундирилмаса, жамғарма қарздорликни бир йўла тўлаб беради. Кейинчалик бу пуллар қарздордан суд қарорисиз мажбурий тартибда ундириб олинади.
Маълумот ўрнида, алимент мажбуриятларини бажаришдан бўйин товлаб келаётган ва қидирувга эълон қилинган шахслар тўғрисидаги маълумотлар мажбурий ижро органларининг расмий веб-сайтларида жойлаштирилади. Бундан ташқари, давлат оммавий ахборот воситаларида эълон қилиш амалиёти жорий этилади.