Банк карталаридан пул ўғирлаш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда

Жиноят кодексининг икки моддасини оғирлаштирувчи ҳолат сифатида жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдириш таклиф қилинмоқда.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 мар — Sputnik. Ўзбекистонда банк карталаридан пул ўғирлаш учун жавобгарлик кучайтирилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 169-моддаларини (ўғрилик) оғирлаштирувчи ҳолат сифатида жавобгарликни белгиловчи норма билан тўлдириш таклиф қилинмоқда.
Депутат Расул Кушербаевнинг ёзишича, ахборот технологияларидан ёки электрон тўлов воситаси ёхуд масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб содир этилган фирибгарлик жинояти учун жавобгарликни ЖК 168-моддасининг учинчи қисмига оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, ахборот тизимига рухсатсиз кириб ёки электрон тўлов воситаси ёхуд масофавий хизмат кўрсатиш тизимидан фойдаланиб содир этилган ўғрилик жинояти учун жавобгарликни ЖК 169-моддасининг учинчи қисмига оғирлаштирувчи ҳолат сифатида киритиш назарда тутилмоқда.
Таъкидланишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши келгусида жисмоний ва юридик шахсларнинг электрон пул маблағларини яширин равишда талон-торож қилиш, фуқароларнинг ишончига кириб унинг ҳисоб рақами ёки пластик картасидаги пул маблағларини ўғирлаш ҳолатларининг олдини олишга хизмат қилади.