Остонадаги хавф. АҚШ Украинада ўнлаб биолабораториялар яратди

Россия Мудофаа вазирлиги Украинада АҚШ учун ишлаган биологик лабораторияларни аниқлади.
Sputnik
Вазирлик мутахассислари Киев ва Вашингтоннинг Биологик ва токсинли қуролларни тақиқлаш тўғрисидаги конвенцияни бузганини тасдиқлашига йўл қўймаслик учун лабораторияларнинг фаолияти зудлик билан тўхтатилганини ишонч билан таъкидламоқда. Москва ва Пекин бир неча бор америкаликларни бактериологик таҳдидларни назорат қилиш учун халқаро ҳужжатга қўшилишга чақирган. Аммо Оқ уй бунга рози бўлмаган.

Чегарада

“Украина ҳудудида 30 дан ортиқ биологик лабораториялардан таркиб топган тармоқ шакллантирилган. Тармоқларни илмий-тадқиқот ва санитар-эпидемиологик турларга бўлиш мумкин”, - дейди Россия Қуролли кучларининг радиациявий, кимёвий ва биологик ҳимоя қўшинлари бошлиғи Игор Кириллов брифингда. Унинг сўзларига кўра, Львов, Харьков ва Полтавада жойлашган ушбу объектларда “АҚШ бошчилигидаги ҳарбий биологик дастур доирасида” хавфли қўзғатувчи инфекциялар билан ишлар олиб борилган.
Буюртмачи - АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳарбий таҳдидларни камайтириш бошқармаси (DTRA). Лойиҳада Пентагонга алоқадор "Black and Veatch" компанияси ҳам иштирок этган. Кирилловнинг таъкидлашича, улар Львовда вабо, куйдирги ва бруцеллёз, Харьков ва Полтавада эса бўғма, салмонеллёз ва ичбуруғ касалликлари қўзғатувчиси билан шуғулланишган.
Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили, генерал-майор Игорь Конашенков ҳам маълум қилди. Россияда бу борада тегишли ҳужжатлар бор. Вазирликнинг изоҳ беришича, Пентагоннинг “Россия мутахассислари Украина ва Қўшма Штатлар томонидан Биологик ва токсик қуролларни тақиқлаш тўғрисидаги конвенция бузилганини тасдиқлайди”, деган қўрқуви туфайли биолабораториялар шошқалоқлик билан ёпилган.
Мудофаа вазирлигининг таъкидлашича, биолабораториялар фаолияти ўта хавфли инфекциялар билан касалланишнинг кескин ўсишига олиб келган ва бу ҳолат 2014-йилдан буён кузатилган. Бўғма, қизилча, сил, қизамиқ билан касалланганлар сони ортган. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Украинани полиомиелит тарқалиши хавфи юқори бўлган давлатлар рўйхатига киритган.

Россия ва Хитой хавотирда

Москва ва Пекин узоқ вақтдан буён АҚШ ва унинг иттифоқчиларининг ҳарбий-биологик фаоллигидан хавотирда бўлган. Феврал ойи бошида Россия президенти Владимир Путин Хитой раҳбари Си Цзиньпин билан учрашган эди. Давлат раҳбарлари янги даврга қадам қўяётган халқаро муносабатлар ва глобал барқарор ривожланиш тўғрисидаги қўшма баёнотни имзолади. Хусусан, етакчилар “Бактериологик (биологик) ва токсинли қуролларга ишлов бериш, ишлаб чиқариш ва тўплашни тақиқлаш ҳамда уларни йўқ қилиш (КБТО) тўғрисидаги конвенция халқаро тинчлик ва хавфсизлик таянчи сифатида муҳим аҳамиятга эга эканлигини” тасдиқлади.
“Томонлар Қўшма Штатлар ва унинг иттифоқчиларини очиқ, ошкора ва масъулият билан ҳаракат қилишга, хорижда ва ўз миллий ҳудудларида олиб бораётган ҳарбий биологик фаолияти ҳақида тўғри маълумот беришга чақиради”, — дейилади ҳужжатда.
Вашингтоннинг хорижий ҳарбий-биологик фаоллигини назорат қилиш зарурлигини хитойлик ва россиялик экспертлар ва сиёсатчилар ҳам, жумладан, Россия Фанлар академияси академиги, Россияда хизмат кўрсатган доктор Геннадий Онишенко бир неча бор таъкидлаб ўтган.
“Икки раҳбар баёнотида асосий эътибор ядровий, кимёвий ва яна биринчи ўринга чиққан ҳақиқий ҳаёт таҳдиди бўлмиш биологик яъни – назорат қилиб бўлмас оммавий қирғин қуроллари масалаларига қаратилган. Россия ва Хитой Конвенция обрў-эътибори ва самарадорлигини сақлаб қолишда қатъий туришини таъкидлайди", - дейди олим.
2001 йилда Қўшма Штатлар бир томонлама тартибда КБТОга қўшимча протокол ишлаб чиқиш бўйича музокаралардан чиқди. Протоколга кўра, барча мамлакатларнинг микробиологик фаолиятини кузатадиган мустақил орган - Техник котибият бўлиши керак эди.
“Бу АҚШ ҳарбийларининг барча антибиотикларга чидамли ва даволаб бўлмайдиган Ames strain сибирь ярасининг жанговар биологик формуласини ўз ҳудудида қўллаганидан кейин содир бўлган эди. Ўша пайтда Қўшма Штатлар гўёки террорчилар ҳужумига учрагани ва микробиологик тадқиқотлар бўйича халқаро назоратдан бош тортганини таъкидлаган”, - дейди Россия ФА академиги.
Биологик ва токсинли қуролларни ишлаб чиқариш, ишлов бериш ва тўплашни тақиқлаш тўғрисидаги конвенция 1972 йилда тасдиқланган. Бу шундай турдаги ягона халқаро ҳужжатдир.
“Россия ва Хитой етакчилари Вашингтонни халқаро ҳуқуқий майдонга қайтишга чақирмоқда. Америкаликлар коронавируснинг табиий ёки сунъий келиб чиқиши ҳақида баҳслашмоқда. 2001 йилда улар қонуний кучга эга бўлган назорат механизмини қабул қилишга қаршилик қилган. Агар механизм қабул қилинганда комиссия тузган ва ҳозир келиб барчасини текширган бўларди. “Аммо бундай бўлиши мумкин эмас, Қўшма Штатлар эса фақат асоссиз баёнотлар бериши мумкин. Ва бугун асосий қонунбузарлар-Қўшма Штатлар ва айнан уларнинг ҳаракатлари дунёни безовта қиляпти”, - дея таъкидлайди Онищенко.

Постсовет ҳудудидаги Америка биолабораториялари

СССР тарқалиб кетгандан сўнг Грузия, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистонда совет институтлари негизида Америка тадқиқот марказлари очилди. Институтлар 1950-йиллардан бошлаб юқумли касалликлар билан шуғулланган, ўлат, вабо, терлама касалликларига қарши вакциналар яратган.
Қуролланиш пойгаси авжига чиққанда биологик ва кимёвий уруш истиқболлари тамомила реал эди. Совет институтлари Ғарбга қарши биоқурол ишлаб чиқараётгани ҳақида миш-мишлар тарқалди. Ҳеч қандай далил топилмади. Аммо СССР парчаланганидан кейин хавфли тўкилишларнинг олдини олиш керак эди. Қўшма Штатлар “Таҳдидларни камайтиришда ҳамкорлик дастури” доирасида ихтиёрий равишда ёрдам беришини билдирди.
Хавфли касалликларни ўрганиш учун маблағлар ажратишди. Бироқ америкалик мутахассисларнинг ҳам лабораторияларда ишлай олиши шарти билан. Марказий Осиё ва Кавказдантўпланган штаммлар Ғарбга жўнатилди. Грантлар НАТО ва Пентагон бюджетидан ажратилди.
Вашингтон тадқиқот фақат тинчликмақсадида олиб борилганига ишонтирди. Бироқ Грузия собиқ давлат хавфсизлик вазири Игор Гиоргадзенинг баёнотидан кейин жанжал авж олди. Унинг айтишича, марказ ходимлари Пентагон буйруғини бажараётганликларини тан олишган. “У ерда зарарли моддалар ва ўқ-дориларни биологик фаол моддалар билан пуркаш учун ускуналар бор”. Бундан ташқари, марказларнинг бирида у ерда даволанаётган ўнлаб беморлар вафот этган. Собиқ вазир лабораторияларда одамлар билан тажриба ўтказилганини ҳам истисно этмаган. АҚШ эса барчасини рад этган.
Олмаотадаги Марказий Реферанс лабораторияси (МРЛ) учун Пентагон 108 миллион доллар ажратди. Ушбу муассаса давлат мулки ҳисобланиб, Қозоғистонга хос вирус штаммларини ўрганишга ихтисослаштирилган. Тўрт йил аввал республикада менингит билан касалланишнинг кескин ўсиши қайд этилган эди. Бу Вашингтоннинг тажрибаси, деган миш-мишлар ҳам тарқалди.
Бундай биологик лабораториялар Тожикистон ва Ўзбекистонда ҳам бор. Улар ҳам америкаликлар томонидан молиялаштирилган. 2020 йилнинг кузида Хавфсизлик кенгаши котиби Николай Патрушев ШҲТдаги ҳамкасблари билан учрашувда “Вашингтон Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига эпидемиологик ёрдам баҳонасида биомаълумотлар тўпламоқда”, дея шикоят қилди. Хитой Америкадан Марказий Осиёдаги барча тадқиқот муассасаларини ёпишни талаб қилди.
Қозоғистон, Ўзбекистон ва Тожикистон уларда АҚШнинг ҳарбий ишланмалари йўқлигини даъво қилмоқда. Пекин ва Москвани бу тинчлантирмайди.
“21-аср урушлари гибрид бўлади. Биз буни аниқ тушунишимиз керак. Энг муҳими, уларнинг қонунларини тушуниш, уларга қарши курашиш - нафақат инфекциялар, балки жамиятнинг барча соҳалари учун мўлжалланган бундай гибрид ахборот-террористик ҳужумларга ҳам қарши курашиш. Эпидемиология ҳар доим сиёсий муаммо бўлиб келган – чунки у нафақат касалларга, балки бутун жамиятга таъсир қилиш билан боғлиқ”, дея таъкидлайди Онишенко.
Россия Мудофаа вазирлиги сўнгги икки йил давомида Германия Европа Иттифоқининг ташқи чегараларида биологик хавфсизликни таъминлаш мақсадида Украинадаги Қрим-Конго геморрагик иситмаси, лептоспироз, менингит ва хантавирусларнинг патогенларини ўрганаётганини таъкидлади.
Игорь Кирилловнинг сўзларига кўра, дори воситаларини синовдан ўтказиш ва коронавирус инфекциясининг олдини олиш баҳонасида “беморларнинг, биринчи навбатда, славян этник гуруҳига мансуб бўлганларнинг қон зардобидан бир неча минг намуналар Украинадан олиб чиқиб кетилган”. Биоматериаллар АҚШ армиясининг Уолтер Рид илмий-тадқиқот институтига етказиб берилган.

Мавзуга оид:

Эксперт АҚШнинг Украинадаги биолабораториялари таҳдидини баҳолади
Россия Мудофаа вазирлиги Украинада биологик қурол яратилаётганини маълум қилди
Хитой АҚШдан Украинадаги биолабораториялар ҳақидаги маълумотларни очиқлашни талаб қилди
Нуланд Украинада биологик тадқиқотлар объектлари борлигини тан олди