Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси

Путин ва Макрон келишувига асосан Украинада тинчлик режими ишга тушди

Бугун соат 10:00 дан бошлаб тинч аҳоли Киев, Мариуполь, Харьков ва Сум шаҳарларини тарк этиши мумкин. Гуманитар коридорлар устидан тўхтовсиз объектив назорат олиб борилди, жумладан учувчисиз аппаратлар ёрдамида ҳам.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 7 мар — Sputnik.Россия Қуролли кучлари Франция президенти Эммануэл Макроннинг Владимир Путинга илтимосига биноан бугун соат 10:00 дан бошлаб Украинада тинчлик режими эълон қилди ва гуманитар коридорларни очди.
Тинч аҳоли Киев, Мариуполь, Харьков ва Сум шаҳарларини тарк этиши мумкин. Бу сафар тинчлик режимига амал қилиш учувчисиз аппаратлар ёрдамида назорат қилинади.
“Гуманитар коридорлар очилган вақтда Россия Федерациясининг Қуролли кучлари тўхтовсиз объектив назорат олиб боради, жумладан учувчисиз аппаратлар ёрдамида ҳам. Бу сафар Украина томони Россияни тинчлик режимини бузишда айблай олмайди. Россия штаби, Киев расмий ҳукумати ва шаҳарлар раҳбарларидан муайян ҳаракатларни кутмоқда”, - дейилган хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин Донецк ва Луганск республикалари сўровига биноан ушбу икки республикани тан олиш тўғрисида фармонни имзолаган эди. 24 февраль куни эрта тонгда эса Украинани қуролсизлантириш ва миллатчилардан тозолаш бўйича ҳарбий операция бошланди. Россия Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, зарбалар фақат ҳарбий инфратузилма ва ўқ-дори омборларига берилмоқда, тинч аҳоли турар жойлари ва шаҳарларга зарба берилгани йўқ. Иккала томондан ҳам қурбонлар бор.
Россия Қуролли кучлари Украина ҳукумати билан эришилган келишувга асосан 5 март куни Мариуполь ва Волноваха шаҳарларини тарк этиш учун соат 10:00 дан бошлаб тинчлик коридори ташкил қилган эди. Лекин жангарилар аҳолига шаҳарларни эркин тарк этишга рухсат бермаяпти, - деб хабар қилди Россия МВ бир неча соатдан сўнг.
Хусусан, Волновахани 24 фуқаро тарк этган, Мариупольдан эса ҳеч ким чиқмаган. Бироз ўтиб Мариуполда жангарилар тинч аҳоли яшайдиган кўп қаватли уйни портлатиб юборгани ва бузилган бино остида 200 киши қолиб кетгани ҳақида хабар қилинган эди.
Ундан ташқари, бир неча кун олдин Украина ҳарбийлари ва миллатчи батальонлар Харьков ва Суми шаҳарларида минглаб хорижий талабаларни гаровга олгани, уларга шаҳарни тарк этишга рухсат бермаётгани, амаллаб чегарага етиб келганларга эса, чегарани кесиб ўтишга рухсат бермаётгани хабар қилинган эди.