ТОШКЕНТ, 7 мар - Sputnik. Чехия пойтахти Прагада дзюдо бўйича бўлиб ўтган Европа очиқ чемпионатида Ўзбекистонлик полвон Ўткирбек Тўрабоев олтин медални қўлга киритди, деб хабар қилмоқда Олимпия қўмитаси.
Энг оғир вазн тоифасида мусобақада иштирок этган Тўрабоев, саралаш босқичида Мўғулистон, Италия, Руминия вакилларини, ярим финал ва финалда германиялик икки таниқли дзюдочиларни мағлуб этишни уддалади.
Эслатиб ўтамиз, кечаги баҳслар доирасида Раҳимжон Субҳонов - 66 кг вазн тоифасида бронза медалига сазовор бўлган эди. Шу тариқа, жамоамиз ушбу мусобақани 1 тадан олтин ва бронза медаллари билан якунлади.