ТОШКЕНТ, 7 мар – Sputnik. Ўзбекистонда илк бор ўта мураккаб жарроҳлик операцияси ўтказилди, деб хабар қилмоқда ССВ матбуот хизмати.
Операция Россиянинг Бакулев номидаги юрак-қон томир жарроҳлиги марказида тажриба орттириб қайтган кардиожарроҳ, тиббиёт фанлари доктори, профессор Рустам Ярбеков бошчилигида ўтказилган.
— Операциянинг оғир ўтишини аввалдан билардик, — дейди Рустам Ярбеков. — Сабаби ҳам аортанинг кўтарилувчи ва тушувчи қисми, ҳам равоғи ҳамда мия томирларини сунъий протезлаш учун узоқ вақт талаб этилади. Қолаверса, мазкур амалиётнинг ноёблиги бемор танаси 16 даражагача совутилиб, танадаги қон айланиши 112 дақиқага тўхтатиб қўйилди. Фақат брахиоцефал ва уйқу артерияси орқалигина мия қон билан таъминлаб турилди.
Айтиш лозимки, бу каби операцияларни ўтказиш учун анестезиолог, реаниматолог, перфузиолог каби малакали тиббиёт ходимлари билан бир қаторда сўнгги авлод сунъий қон айланиш ускунаси, гипотерм ва мияда қон айланиши ва оксигенацияни кўрсатувчи замонавий тиббий жиҳозлар талаб қилинади. Шу сабабли ҳам авваллари бундай амалиётлар фақат хорижда ўтказилган.
Бемор - ўртачирчиқлик Тўхтасин Деҳқонов 66 ёшда. У узоқ йиллар артериал гипертония касаллиги, яъни юқори қон босимидан жиддий азият чекиб келган. Ушбу йилнинг январь ойида коронавирусга чалинганидан сўнг, унинг асорати хасталикнинг оғирлашувига олиб келган. Шифохоналарга мурожаат қилганида кўпчилик “бу операция мураккаб бўлгани учун фақат Германия, Ҳиндистонда катта маблағ эвазига қилинади” дейишди.
Кейин билсак, юртимизда ҳам бундай амалиётни ўтказиш учун шароит ва малакали шифокорлар бор экан. Ҳозир аҳволим анча яхши. Шифокорларнинг айтишича, тез кунда яна соғлом ҳаётга қайтарканман. Бунинг учун уларга катта раҳмат, - дейди бемор.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Россия орасида шифкорлар тайёрлаш бўйича бир қатор келишувлар ҳамда махсус дастур мавжуд бўлиб, унинг доирасида ҳар йили ўнлаб шифокорлар Россиянинг етакчи тиббий муассасаларида малака ошириш имконига эга.
2019-2020 йиллар давомида Россия Федерациясининг етакчи клиникалари ва тиббиёт марказлари ҳамда ўқув муассасаларида 300 га яқин ўзбекистонлик мутахассислар малакасини оширди.
Ундан ташқари, Тошкент тиббиёт академияси негизида И.М. Сеченов номидаги Биринчи Москва давлат тиббиёт университети билан университетлараро ҳамкорлик маркази очилган. Яқин келажакда Тошкентда Н.И.Пирогов номидаги Россия миллий илмий-текшириш тиббиёт университетининг филиалини ташкил этиш тўғрисида келишувга эришилган.