ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik. Украинадан Польшанинг Катовице аэропорти орқали 5-6 март кунлари 440 нафар Ўзбекистон фуқароси, жумладан, 88 нафар аёллар, 59 нафар вояга етмаган шахс ва 20 чақалоқ олиб келинди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги расмий вакили хабар қилди.
28 февралдан 5 мартга қадар 16 та авиарейс ташкиллаштирилган. Жами 3 685 нафар ўзбекистонлик ватанга қайтарилган. 6 март куни қатор рейслар амалга оширилиши режалаштирилган.
Польша ҳудудида мамлакатнинг 850 дан ортиқ фуқароси қолмоқда. Улардан 50 нафари Польша давлат чегарасидаги тўпланиш нуқтасига, қарийб 800 нафари эса Катовице аэропортига жойлаштирилган.
Ўзбекистон Украинадаги ўз фуқароларини Польша орқали эвакуация қилишни давом эттирмоқда. Украинанинг Суми вилояти маъмурияти билан бу ердаги олийгоҳларда ўқиётган 25 ўзбек талабасини олиб чиқиш учун "яшил йўлак" очиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.