Учқудуқ тумани ҳокимлиги мансабдорларига нисбатан жиноий иш очилди

Учқудуқ туман ҳокимининг собиқ ўринбосари ва бошқалар 33 кишига олийгоҳга грант билан ўқишга киришга ёрдам берувчи сохта далолатномалар расмийлаштириб беришган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 6 мар — Sputnik. Навоий вилояти Учқудуқ туман ҳокимлиги мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги хабар берди.
Таъкидланишича, президентнинг 2017 йил 25 апрелдаги "Навоий вилоятининг олис чўл туманларида аҳолини турмуш даражасини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори талабларининг ижроси бўйича вилоятнинг Учқудуқ туманида ўрганиш ўтказилган.
Ҳужжатда олис чўл ҳудудида камида 3 йилдан ортиқ яшаган шахслар олий таълим муассасаларида давлат гранти асосида қабул қилиниши белгиланган.
Ўрганишлар давомида эса Учқудуқ туман ҳокимининг собиқ ўринбосари ва бошқалар чўл ҳудудида жойлашган "Йўлчилар", "Кўкпатас" ва "Кўкаяз" МФЙларида 3 йил давомида яшамаган 33 нафар шахсга уларнинг ушбу муддатда қайд этилган маҳаллаларда яшагани тўғрисида сохта далолатномалар расмийлаштириб бериб, шундан 25 нафарининг олийгоҳларга давлат гранти асосида ўқишга киришига сабабчи бўлгани аниқланди.
Бу талабаларнинг грант асосида ўқиши учун амалда 650 миллион сўм бюджет маблағларининг сарфланишига сабабчи бўлиб, давлат манфаатларига зарар етказган.
Бош прокуратура тўпланган ҳужжатлар асосида Учқудуқ туман ҳокимлиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий иш очган.