ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Россиянинг Smartavia авиакомпанияси 19 мартга қадар барча халқаро парвозларини бекор қилди. Жумладан Ўзбекистонга ҳам.
"Парвозлар чекланиши муносабати билан Smartavia барча хорижий парвозларни вақтинча тўхтатиб туришга мажбур бўлмоқда. Чекловлар 19 мартга қадар амал қилади", — дейилган хабарда.
Ўзбекистон йўналишида қуйидаги парвозлар бекор қилинган:
Санкт-Петербург – Наманган – Санкт-Петербург;
Санкт-Петербург – Бухоро – Санкт-Петербург;
Москва – Фарғона – Москва.
Сотилган чипталар пулини қайтариш қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, Россиянинг S7 авиакомпанияси ҳам 5 мартдан бошлаб Ўзбекистонга парвозларни бекор қилгани ҳақида хабар қилган эди.
Маълумот учун, Украина ҳудудида ўтказилаётган махсус ҳарбий операция туфайли Европа ва АҚШ авиакомпаниялари Россиянинг авиация соҳасига нисбатан санкциялар киритган эди. Чеклов чоралари орасида Россия томонидан лизингга олинган бортларни қайтариш чораси ҳам бор. ОАВ маълумотига кўра Россияда мавжуд 900дан ортиқ самолётлардан 500дан ортиғи лизинг шартномаси асосида олинган.