ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. Польша чегарасида уч нафар Ўзбекистон фуқароси автоҳалокатга учради. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Украинадаги элчиси Алишер Курманов маълум қилди.
Маълум қилинишича, Ўзбекистоннинг уч фуқароси: Отабек Ҳакимов (2001 йилда туғилган), Беҳзод Ҳусаинов (2001 йилда туғилган) ва Шерзод Салоҳиддинов (2001 йилда туғилган) Польша чегарасига кираверишда автоҳалокатга учраган.
ЙТҲ оқибатида Отабек Ҳакимов воқеа жойида вафот этган, қолган икки ўзбекистонлик Львовдаги шаҳар касалхонасига олиб борилган.
Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонаси зудлик билан элчихона кўнгиллилари гуруҳи вакили, малакали шифокор Темурбек Юсуповни Львовга жўнатган.
Таъкидланишича, элчихона О. Ҳакимовнинг жасадини тез вақтда Ўзбекистонга жўнатиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширади.
Ўзбекистон Украинадаги ўз фуқароларини Польша орқали эвакуация қилмоқда. 28 февраль куни 5 мартга қадар 14 та авиарейс билан 3 245 нафар фуқаро ватанига қайтарилган. Суми вилояти маъмурияти билан бу ердаги олийгоҳларда ўқиётган 25 ўзбек талабасини олиб чиқиш учун "яшил йўлак" очиш масаласи ишлаб чиқилмоқда.