ТОШКЕНТ, 5 мар — Sputnik. 7 мартдан бошлаб Фарғона – Сўх – Фарғона йўналишида мунтазам авиақатновлар ҳафтасига 4 маротаба амалга оширилади. Бу ҳақда Транспорт вазирлиги хабар бермоқда.
Парвозлар ҳафтанинг душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари бажарилади. Қатновлар “Humo Air”нинг Ан-2 ҳаво кемасида бажарилади.
Фарғона – Сўх йўналишида парвоз маҳаллий вақт билан соат 10:00 да ва Сўх – Фарғона йўналишида эса соат 12:00 да амалга оширилади. Авиачипта нархи бир томонга 150 000 сўм этиб белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Фарғонадан Сўхга мунтазам авиақатновлар 2021 йил декабрида йўлга қўйилган эди. Парвоз давомийлиги 30 дақиқани ташкил этади.