ТОШКЕНТ, 4 мар - Sputnik. Россия Давлат Думаси Қуролли кучлар ҳақида сохта хабар тарқатувчилар учун катта жарима ва қамоқ жазосини назарда тутувчи чоралар тўғрисидаги қонунни учинчи ўқишда тасдиқлади.
“Қонун лойиҳаси зудлик билан Федерация Кенгашига юборилади, бугун соат 14:00 да Федерация Кенгашида йиғилиш бўлиб ўтади, Федерация Кенгаши маъқуллаганидан кейин қонун лойиҳаси президент столига тушади”, — деди спикер Вячеслав Володин.
Янги қонунга кўра, Россиянинг Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига ўзгартиришлар киритилади.
Ҳужжатда қайд этилишига кўра, сохта маълумотлар оғир оқибатларга олиб келадиган бўлса, бундай жиноят учун 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилиши мумкин.
Шунингдек, Россия Қуролли кучлари тўғрисида қасддан ёлғон маълумот тарқатиш учун:
700 мингдан - 1,5 миллион рублгача жарима;
бир йилгача ахлоқ тузатиш ишлари;
уч йилгача мажбурий меҳнат;
шу муддатга озодликдан маҳрум қилиш.
Агар жиноят мансабдор шахс томонидан ёки бир гуруҳ шахслар томонидан уюшган ҳолда, далилларини сохталаштириш йўли билан, ғаразгўйлик мақсадида содир этилган бўлса, мафкуравий, ирқий, миллий ёки диний адоват ёки бирор ижтимоий гуруҳга нисбатан нафрат уйғотилишига сабаб бўлса, жазо қуйидагича бўлиши мумкин:
3 миллиондан 5 миллион рублгача жарима;
беш йилгача мажбурий меҳнат, ёки ушбу муддатга муайян лавозимларни эгаллаш ёки муайян фаолият билан шуғулланиш таъқиқи;
5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш.
Қонун лойиҳасида, шунингдек, Россияга қарши санкциялар қўллаш чақириқлари учун жазо назарда тутилган. Жазо - 500 минг рубл жаримадан тортиб 3 йилгача озодликни чеклаш ёки 6 ой қамоқ жазосигача бўлиши мумкин.
Аввалроқ ТИВ матбуот котиби Мария Захарова ҳозирда Россия ҳарбийларининг Украинадаги ҳаракатларига оид “Улкан фейклар оқими” мавжудлигини айтган эди. Уларни яратиш ва тарқатиш билан хорижий разведка хизматлари шуғулланишини, НАТО эса уларни мувофиқлаштираётгани маълум қилинган эди.
Эслатиб ўтамиз, Россия президенти Владимир Путин 21 февраль куни Донбасс республикаларининг мустақиллигини тан олишини эълон қилган эди. Шундан сўнг, 24 февраль куни Донбассда махсус ҳарбий операция бошланди. Унинг мақсади Украинани демилитаризация қилиш ва миллатчилардан тозалаш. Ҳарбий операция давомида Россия Қуролли кучлари фақат Украина ҳарбий инфратузилмасига зарба бермоқда, тинч аҳоли ва шаҳарларга зарба берилаётгани йўқ.