ТОШКЕНТ, 4 мар - Sputnik. Ўзбекистон ва Покистон стратегик шерикликни ривожлантириш тўғрисида битим имзолади. Бу ҳақида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон бош вазири Имрон Хон иштирокида бўлиб ўтган брифингда эълон қилинди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон ва Покистон раҳбарларининг учрашуви икки давлат орасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги арафасида ҳамда Покистон куни байрами арафасида бўлиб ўтмоқда. Шавкат Мирзиёев Покистон халқини ушбу байрам билан табриклашни унутмади.
Минтақалараро кўприк
Брифингда қайд этилишига кўра, Ўзбекистон президенти ташрифи доирасида имзоланган "Стратегик шерикликни ривожлантириш бўйича келгуси қадамлар тўғрисида қўшма декларация"сида мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича бўлажак саъй-ҳаракатларимиз белгилаб олинган.
‑ Биз Покистон билан биргаликда нафақат икки мамлакат, балки стратегик жиҳатдан муҳим бўлган Марказий ва Жанубий Осиё минтақалари ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорлик кўпригини бунёд этаяпмиз, ‑ деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингде, Ўзбекистон ва Покистон Марказий ва Жанубий Осиёнинг ўзаро боғлиқлигини мустаҳкамлашга қаратилган йирик қўшма транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштиришга келишиб олдилар.
Покистон ҳудуди орқали халқаро денгиз портларига чиқувчи “Термиз – Мозори Шариф – Кобул – Пешовар” стратегик темир йўлини қуриш ишларини яқин муддатларда бошлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
‑ “Аср лойиҳаси” деб аталаётган “Термиз – Мозори-Шариф – Кобул - Пешовар” темир йўли нафақат мамлакатларимиз, балки кенг минтақаларимиз халқлари умумий равнақига ҳисса қўшади, деб ишонамиз, – деб таъкидлади Шавкат Мирзиёев.
Ҳудудлараро ҳамкорликда улкан салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Бу борада Наманган вилояти ва Панжоб провинцияси муваффақиятли намуна кўрсатмоқда. Бошқа ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтириш юзасидан келишувга эришилди.
Савдо-сотиқ ҳажми ошади
Анжуманда қайд этилишича, ўтган йилда икки томонлама савдо ҳажми 50 %га ўсган. Товар айирбошлашни яқин йилларда 500 миллион долларга, узоқ муддатли истиқболда эса 1 миллиард долларга етказиш мақсад қилинган.
Ташриф доирасида "Имтиёзли савдо тўғрисидаги" битимнинг имзолангани муҳим қадам бўлди.
Шунингдек, Фармацевтика, тўқимачилик, чарм-пойабзал, озиқ-овқат, қишлоқ хўжалиги, қурилиш, банк-молия ва бошқа асосий йўналишларда кооперацияни кенгайтириш юзасидан муҳим келишувларга эришилди.
Ташриф арафасида ўтказилган ишбилармонлик тадбирлари натижасида умумий қиймати 800 миллион долларлик 60 та янги инвестиция ва савдо келишувлари имзоланди.
Гуманитар ҳамкорлик
Ўзбекистон ва Покистон ўртасида хавфсизлик, ҳарбий-техник соҳаларида, терроризм, экстремизм ва трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш борасидаги ҳамкорлик самарали ривожланмоқда.
Минтақавий ва халқаро ташкилотлар доирасида биргаликда ишлаш механизмлари йўлга қўйилган. Икки давлат халқаро ташкилотлар доирасида ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олдилар.
Ўзбекистон ва Покистон раҳбарлари маданий-гуманитар соҳани шерикликнинг энг муҳим ва истиқболли йўналишларидан бири сифатида белгилаб олишди.
‑ Қадимий Буюк Ипак йўли чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон ва Покистон халқларини азалдан умумий тарих, ўхшаш тил ва бой маънавий мерос чамбарчас боғлаб туради, - деди Шавкат Мирзиёев.
Икки мамлакат фан, санъат, кино, спорт соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш, ёшларга оид дастурларни амалга ошириш тарафдори эканини маълум қилишди.
Ўзбекистонда урду тилига қизиқиш ортиб бораётгани, Покистондаги Исломобод замонавий тиллар университети, Панжоб ва Пешовар университетларида ўзбек тили, адабиёти ва Ўзбекистон тарихини ўрганишга катта эъибор қаратилаётгани айтиб ўтилди.
Афғонистон
Музокаралар чоғида Покистон бош вазири Афғонистонда мураккаблашаётгангуманитар ҳолат жиддий ташвиш ва хавотир уйғотаётгани қайд этди.
Шавкат Мирзиёев халқаро ҳамжамиятни афғон халқига ёрдам кўрсатиш борасидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга чақирди.