ТОШКЕНТ, 3 мар — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Самарқандда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари Ёшлар кенгашини ташкил этишни таклиф қилди, деб хабар қилди Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Бу ҳақда президент БМТ Глобал аксилтеррор стратегиясини амалга оширишда минтақа давлатларининг ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилишга бағишланган халқаро конференция иштирокчиларига мурожаатида айтиб ўтди.
Бугун Тошкентда экспертлар йиғилди.
Анжуман қатнашчиларига президент мурожаатида айтилишича, ёшларга оид самарали сиёсат – терроризм ва экстремизмга қарши муваффақиятли курашишнинг энг муҳим шартидир.
Мамлакатларнинг келажаги ёш авлод қандай улғайишига, қандай таълим ва тарбия олишига, улар учун қандай “ижтимоий лифтлар” яратилишига боғлиқ, деб ҳисоблайди Мирзиёев.
Бу масалаларни ҳар томонлама муҳокама қилиш учун 2023 йилда Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари доимий фаолият юритувчи ёшлар кенгашини Самарқанд шаҳрида чақиришни таклиф қилди.