ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистонда Хотин-қизлар ва оила ишлари қўмитаси тузилди. Президент тегишли фармонга имзо чекди.
Шавкат Мирзиёев Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини янги босқичга кўтариш ва аёлларнинг жамиятдаги ўрнини янада юксалтиришга оид йиғилишда Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида ҳам аёлларга муносиб шароит яратиш, уларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш масаласини энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланганини эслатди.
“Ушбу муҳим вазифалар ижросини тизимли тарзда ҳар бир маҳалла кесимида амалга оширишни таъминлаш мақсадида бугун Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасини ташкил этиш бўйича Фармонни имзоладим. Қўмита раҳбари лавозимига аёлларнинг муаммолари, дарду-ташвиши билан яқиндан таниш ва уларни ҳал қилиш бўйича катта тажрибага эга бўлган Тўрақўрғон тумани ҳокими Зулайҳо Бахриддиновна Маҳкамова тайинланди”, - деди давлат раҳбари.
Янги қўмита раиси Маҳкамова айни пайтда бош вазир ўринбосари ва Сенат аъзоси сифатида фаолият юритади.
Жойларда қўмитанинг вилоят, туман ва шаҳар раҳбарлари эса ҳоким ўринбосари бўлади.
Янги қўмита Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда “Аёллар дафтари” жамғармасини ўзи бошқаради.
Зулайҳо Маҳкамова 2020 йилнинг мартидан буён Наманган вилояти Тўрақўрғон тумани ҳокими лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.
Маҳкамова 1968 йили Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида туғилган. Наманган давлат педагогика институти ҳамда Президент ҳузуридаги давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган.
2020 йилнинг февралида Ўзбекистон президентининг "Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига мувофиқ бош вазир ўринбосари, Вазирлар Кенгаши раиси ўринбосари, тегишли ҳоким ўринбосарлари саналган хотин-қизлар қўмиталари раиси лавозимлари тугатилган эди.