ТОШКЕНТ 1 мар — Sputnik. Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси сайти киберҳужумга учради.
Бугун тонгда у ерда элчихона маълумотлари эмас "Россиянинг Украинага бостириб киргани" тўғрисидаги пропаганда маълумотлар жойлаштирилган. Хакерлар у ерга портлатилган ҳарбий техника, Украина шаҳарларига "ҳужум" фото ва видеоларини жойлаштириб, ҳаммани намойишга чиқишга чақирган.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси 1,5 минг фуқарони Украинадан эвакуация қилиш ишларини мувофиқлаштириш билан фаол шуғулланиб келмоқда. Ўзбекистон фуқаролари ташкиллаштирилган тартибда Украинанинг Львов шаҳри орқали дастлаб Польшага, ундан сўнг Ўзбекистонга махсус парвозлар орқали олиб чиқилмоқда. Элчихона саҳифасида ушбу ташкилий ишларга доир ахборот ҳам мунтазам жойлаштириб келинаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин Anonymous гуруҳи хакерлари Россияга нисбатан киберҳужум эълон қилишган эди. Бугунга қадар хакерлар Россининг бир неча йирик ОАВлари саҳифаларини бузишга муваффақ бўлишди. Улар орасида ТАСС, РБК, Forbes, "Коммерсант", "Такие дела", "Фонтанка", "Известия", Buro 24/7, PeopleTalk ва бошқалар бор.
Ундан ташқари, Россия Рақамли ривожланиш вазирлиги хакерлар Россия Давлат хизматлари порталига ҳам юқори профессионал даражада уюштирилган ҳужумлар кузатилаётганини маълум қилган эди.
Россиянинг Донбассдаги махсус ҳарбий операцияси
Эслатиб ўтамиз, сўнгги кунларда Донбассда вазият кескин тус ола бошлади. Украина кўп сонли ҳарбийларни туташ чизиғи яқинига тўплаб, Минск шартномаларида таъқиқланган қуроллар ёрдамида ДХР ва ЛХРни ўққа тутишни кучайтирди.
Украина аскарларининг бостириб кириши хавфи остида, ДХР ва ЛХР маъмурияти аёллар, болалар ва кексаларни эвакуация қилишни бошлади. 19 февраль куни ушбу республикалар раҳбарлари Россия президенти Владимир Путинга ДХР ва ЛХР суверенитетини тан олишни сўраб мурожаат қилишди.
21 февраль куни Россия президенти Владимир Путин ДХР ва ЛХР мустақиллигини тан олиш ҳақида фармонни имзолади.
24 февраль куни эса, Владимир Путин Донбасс ҳудудида махсус ҳарбий операция бошланганини эълон қилди.
Ушбу махсус ҳарбий операциянинг мақсади - Украинани босиб олиш эмас, у ердаги ҳарбий инфратузилмани йўқ қилиш ва Украинани миллатчилардан тозалаш, экани алоҳида таъкидлаб ўтилди. Россия президенти, шунингдек Украина ҳарбийларига алоҳида мурожаат қилиб, қўмондонликнинг жинояткорона буйруқларини бажармасликни, қуролларини топшириб, жангдан воз кечишни таклиф қилди.
Мудофаа вазирлиги хабарига кўра, Россия Қуролли кучлари аниқ нишонга олувчи қуроллар ёрдамида Украина ҳудудидаги ҳарбий объектларни йўқ қилмоқда, шаҳарларига, тинч аҳолига зарба берилгани йўқ. Қуролини топшираётган Украина ҳарбийларига ҳурмат билан муносабатда бўлинмоқда.
Айни дамда Украина ҳудудида асосан миллатчи гуруҳлар қаршилик кўрсатмоқда. Улар артиллерия қуролларидан ДХР ва ЛХР ҳудудларини ўққа тутишмоқда. Киевда миллатчилар реактив ўқотар қуроллар ва гаубицаларни кўп қаватли бинолар орасига жойлаштириб, тинч аҳолидан "тирик қалқон" сифатида фойдаланмоқда.
Ундан ташқари Киев ва бошқа шаҳарларда аҳолига ўқотар қуроллар назоратсиз тарқатилмоқда. Бунинг оқибатида бир неча бахтсиз ҳодисалар ҳам содир бўлди.