Эмланишдан бош тортгани учун ишдан четлатилган ходимлар сони маълум қилинди

Ўтган йилнинг август ойидан буён, 28 минг 500 та хўжалик юритувчи субъектда ва 44,6 мингта бюджет ташкилотларида ўрганиш тадбирлари ўтказилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 1 мар — Sputnik. Ўзбекистонда 2021 йилининг август ойидан буён коронавирусга қарши эмланишни рад этган 45 минг 600 нафар ходим ишдан вақтинчалик четлатилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 28 минг 500 та хўжалик юритувчи субъектда ва 44,6 мингта бюджет ташкилотларида ўрганиш-рейд тадбирлари ўтказилган.

“Ходимларнинг эмланганлик ҳолатини ўрганиш текширувларида давомида жами 89 минг 400 нафар вакцина олмаган шахс аниқланган. Шундан 45 минг 600 нафар шахс ишдан вақтинчалик четлатилган. 4,6 мингта ҳолатда иш берувчига нисбатан жарима чораси, 246 та объектга нисбатан фаолиятини вақтинчалик тўхтатиш чораси қўлланилган”, – деди Юсупалиев.

2021 йилнинг август ойида Меҳнат кодексининг 113-моддасига қўшимча киритилган эди. Унга кўра, ходим профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли экани белгиланган.
Коронавирусга қарши тўлиқ эмланганлар 72 фоиздан ошди
Республика махсус комиссиясининг 23 февралдаги қарори билан иш берувчиларга 90 фоиз ходимларини ковидга қарши эмлаш мажбурияти юкланди. Эмланмаган, жумладан, бустер доза билан эмланган ходимлар вақтинчалик ишдан четлаштирилади. Буни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қатъий назоратга олади.