ТОШКЕНТ, 1 мар - Sputnik. Африка Иттифоқи раиси ва Сенегал президенти Макки Салл ҳамда Иттифоқ Комиссияси раиси Мусса Факи Махамат шу кунларда Украина чегарасидаги содир бўлаётган ирқчилик ҳолатига эътибор қаратди.
Африка Иттифоқи Украинадаги воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда. Хусусан Украин-Польша чегарасининг Украина томонида Африка давлатлари фуқаролари чегарани хавфсиз кесиб ўтиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганлиги ҳақидаги хабарлардан жуда хавотирда, - дейилган дунё расмий баёнотда.
Улар ҳар бир инсон, миллати ёки ирқидан қатъий назар, можаро вақтида халқаро чегараларни хавфсиз кесиб ўтиши бўйича тенг ҳуқуққа эга эканлигини алоҳида таъкидлаб ўтишмоқда.
Украина чегарасида африкаликларга нисбатан номақбул, камситувчи муносабатда бўлинаётгани ҳақидаги хабарлар - ҳайратланарли даражада ирқчилик ва халқаро ҳуқуқ нормалари бузилаётганидан дарак беради, - дейилган баёнотда.
Ушбу муносабат билан Иттифоқ раислари барча давлатлардан халқаро ҳуқуқни ҳурмат қилиш ҳамда можаро юз бераётган вақтда, миллати ва ирқидан қатъий назар, барча инсонларни бир хил қўллаб-қувватлаш ва бир хил муносабатда бўлишга чақиради.
Раислар Африка Иттифоқига аъзо давлатлар ва уларнинг қўшни мамлакатлардаги элчихоналари томонидан Украинадан чегарани кесиб ўтишга уринаётган Африка фуқаролари ва уларнинг оилаларини қабул қилиш ва уларни йўналтириш бўйича кўрсатаётган саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайдилар.
Эслатиб ўтамиз, бир неча кун олдин халқаро телеканаллар сюжетларида Украина чегарачилари Африка давлатлари фуқароларини украин-польша чегарасидан ўтказмаётгани, улар бир неча кун давомида кутишга мажбур бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.