ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Ўзбек боксчилари Болгариядаги “Странжа” халқаро мусобақада умумжамоа ҳисобида биринчи бўлишди. Бу ҳақда Ўзбекистон бокс федерацияси хабар бермоқда.
Мусобақалар София шаҳрида 22-27 февраль кунлари бўлиб ўтди. Унда жаҳоннинг 37 мамлакатидан 370 нафардан ортиқ эркак ва аёл боксчилари иштирок этишди.
Мусобақа эркаклар ўртасида 13, аёллар ўртасида эса 12 та вазн тоифасида ташкил этилди. Ўзбекистон терма жамоаси мазкур турнирда 8 нафар эркак ва 5 нафар аёл боксчи билан қатнашиб, 6 та олтин ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Ҳасанбой Дўсматов (-51 кг), Абдумалик Халаков (-57 кг), Мужибилло Турсунов (-63,5 кг), Одилжон Аслонов (-80 кг), Мадияр Саидраҳимов (-92 кг) ва Лазизбек Мулложонов (+92 кг) олтин медалга эга чиқишди. Турсуной Раҳимова эса (-52 кг) бронза билан кифояланди.
Шу тариқа, Ўзбекистон терма жамоаси мусобақада умумжамоа ҳисобида биринчи ўринни эгаллади.
Россия терма жамоаси эса 5 та олтин билан иккинчи ўриндан жой олди . Кучли учликка эса Қозоғистон терма жамоаси 4 та олтин медаль билан якун ясади.