ТОШКЕНТ, 28 фев — Sputnik. Президент 22 февраль куни “Айдар-Арнасой кўллар тизими бошқарувини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарорга имзо чекди.
Хусусан, кўлларни танлов асосида маҳаллий инвесторга ишончли бошқарувга топшириш режалаштирилмоқда. Талабгор ноёб турдаги балиқларни етиштириш, сув ҳавзаларини балиқлантириш, балиқни қайта ишлаш технологияси ва тажрибасига эга бўлиши керак.
Бундан ташқари, инвесторга 2022-2026 йиллар давомида қуйидагиларни амалга ошириши шарт:
камида 30 млн доллар инвестиция киритиши;
кўллар тизимидан йиллик балиқ овлаш ҳажмларини 15 минг тоннагача етказиши ҳамда океаник қафас (садок) мосламаларини ўрнатиш орқали қўшимча 5 минг тонна балиқ етиштириши;
"Тузкон" кўли ҳудудида "Балиқ ишлаб чиқариш" комплекси ташкил этиши ва у ерда йилига 3 минг тонна балиқни қайта ишлаш корхонасини ишга тушириши;
кўллар тизимининг биологик хилма-хиллигини сақлаш, балиқ захираларини илмий ёндашган ҳолда кўпайтириши;
хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда шўр сувда балиқ захираларини кўпайтириш бўйича лаборатория марказини ташкил этиши;
кўллар тизими ҳудудидаги коллектор-дренаж тармоқларини тўлиқ тозалаши ва ҳ.
"Айдар-Арнасой кўллар тизими дирекцияси" қайта ташкил этилди. Энди у Сув хўжалиги вазирлиги муассислигидаги МЧЖ.
Балиқ овлаш ҳажмларини кўпайтириш, экспортбоп ва рақобатбардош балиқ маҳсулотлари етиштириш бўйича технологик жараёнларни босқичма-босқич шакллантириш, кўллар тизими ҳудудида замонавий туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш ҳамда туристларга хизмат кўрсатиш учун зарур шарт-шароитлар яратиш унинг асосий фаолият ва вазифаларидан биридир.
"Арнасой" сув омбори ҳудудида балиқ овлашга бир йил муддатга мораторий эълон қилинди. Сувдан тўрлар ва ов қилиш қуроллари йиғиб олинади. Сув омборини балиқлантириш мақсадида илмий-асосланган ўрганишлар амалга оширилади.