ТОШКЕНТ, 24 фев — Sputnik. Ўзбекистонда муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақирув бошланади. Бу ҳақда президентнинг тегишли қарори эълон қилинди.
Унга кўра, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган чақирув ёшидаги фуқаролари 2022 йилнинг март-апрель ойларида муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.
Ҳарбий хизматга яроқли, шу жумладан, чекловлар билан яроқли бўлган ҳамда чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ ушбу чақирув даврида Қуролли кучлар (ҚК) сафига чақирилмайдиган фуқаролар сафарбарлик чақируви резерви хизматига олинади.
Шунингдек, муддатли ҳарбий хизматнинг белгиланган муддатини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчилар 2022 йилнинг март-апрель ойларида мамлакат ҚК резервига бўшатилади.