ТОШКЕНТ, 24 фев – Sputnik. Беларусь президенти Александр Лукашенко Ғарб Россия қўшинларига орқа томондан зарба бериш режаси ишлаб чиқилганини маълум қилди.
Лукашенко айтишига кўра, Ғарб Польша ва Литвада қўшимча кучлар тўпланаётгани тўғрисида “бирламчи маълумот” олган. “Уларнинг мақсади - Украинада можаро бошланганидан сўнг, Беларусь ҳудудидан ҳаво ва ер орқали ўтиб, Россияга қуролли кучларининг орқа томонидан зарба бериш”, - деди президент.
“Мен уларни ўша заҳотиёқ огоҳлантирган эди – биз сотқин бўлмаймиз, биз рус одамларга орқадан зарба беришга йўл қўймаймиз”, - деди Беларусь раҳбари республика куч ишлатар тизимлари вакиллари билан бўлган учрашувда.
Эслатиб ўтамиз, 24 февраль куни эрта тонгда Россия президенти Владимир Путин Донбассда махсус операция ўтказиш бошлангани ҳақида хабар қилди. Россия президенти у ерда вазият кескинлашганини, ДХР ва ЛХР Россияга ёрдам сўраб мурожаат қилганини маълум қилди. Владимир Путин Украинани оккупация қилиш нияти йўқлигини, мақсад фақат уни демилитаризация ва денационализация қилиш эканини алоҳида таъкидлаб ўтди. Шунингдек Путин Украина ҳарбийларига раҳбариятнинг жинояткорона буйруқларини бажармасликни ва қуролларини қолдириб уйларига боришни сўради.
Кейинроқ Россия Мудофаа вазирлиги Украина шаҳарлари бўйлаб ҳеч қандай ракета, авиация зарбалари бермаётганини, юқори аниқликда зарба берувчи қуроллар билан Украина ҳарбий инфратузилмаси, қурол-яроғ омборлари йўқ қилинаётганини маълум қилди.