ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Тошкент - Мўйноқ - Нукус авиақатнови йўлга қўйилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Бу “ҳаво порти” 1947 йилда қурилган бўлиб, илгари кичик самолётларни қабул қилган. Кейинчалик умуман ишламай ҳам қолган эди. Бугун ҳаётга қайтган бу аэропортга илк бор Ўзбекистон президентининг самолёти келиб қўнди. Давлат раҳбари ердаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Аэропортда 50 нафар йўловчига мўлжалланган янги терминал қурилган, учиш-қўниш йўлаги ва майдончалар таъмирланган. Мажмуа атрофи кўкаламзорлаштирилган.
“Охирги беш йилда кўп нарсани ўргандик, илгари ишонилмаган нарсаларга ишондик. Мен биринчи келганимда "маданият Мўйноқдан бошланади" дегандим. Шундай бўлаяпти. Мана шу аэропорт ҳам бир мисол. Энди Тошкент - Мўйноқ - Нукус авиақатнови йўлга қўйилади”, - деди президент мўйноқликлар билан учрашувда.