Қўқон ва Хўжандни автобус қатнови боғлади

Янги халқаро йўналишда иш бошлаган автобус қатнови эрталаб соат 8:00 да Хўжанд шаҳридан Қўқонга йўл олади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Тожикистоннинг Хўжанд шаҳридан Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрига автобус қатнови йўлга қўйилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Хўжанддан йўлга чиққан йўловчилар "Андархон" чегара масканида кутиб олиниб, Қўқон шаҳрига кузатиб қўйилган. Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраев божхона масканида Тожикистондан келаётган йўловчиларни кутиб олиб уларга оқ йўл тилаган.
Янги халқаро йўналишда иш бошлаган автобус қатнови эрталаб соат 8:00 да Хўжанд шаҳридан Қўқонга йўл олади.
Автобус қатнови кеч соат 20:00 да Хўжанд шаҳрига охирги йўналишни бажаради. Йўл ҳақи Хўжанддан Қўқонгача 100 минг сўмни ташкил этади. Йўловчиларнинг талаб ва истакларига кўра автобус қатнови кўпайтирилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил октябрида пандемия сабаб тўхтатиб қўйилган Тошкент – Хўжанд халқаро автобус қатновлари қайта тикланган эди.