ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Ўзбекистонда фуқароларга 1 мартдан очиқ ҳавода ниқоб тақмасликка рухсат берилади. Тегишли қарор Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида қабул қилинди.
Йиғилишда мамлакатда коронавирус билан касалланиш ҳолатлари камаяётгани боис аввал жорий этилган муайян чекловларни олиб ташлаш масалалари кўриб чиқилди.
“Жорий йилнинг 1 мартидан бошлаб фуқароларнинг очиқ ҳавода ниқоб тақмаслигига рухсат берилди”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда фуқароларнинг ижтимоий масофасини таъминлаш қийин бўлган жойларда:
жамоат транспортида,
йирик савдо дўконларида,
таълим муассасаларида,
давлат ва нодавлат идораларида,
масжидлар, театр, кинотеатр, музей, санъат саройлари, маиший хизмат кўрсатиш муассасалари ва бошқа одамлар гавжум жойларда ниқоб тақиш тавсия этилди.
Соғлиқни сақлаш муассасаларида тиббиёт ходимларининг, улар коронавирус билан касалланганлар билан алоқада бўлишидан қатъи назар, ниқоб тақиши талаби сақлаб қолинди.
Таъкидланишича, сўнгги кунларда январь ойига нисбатан коронавирус билан касалланган беморларни даволашга мўлжалланган махсус 1 ва 2-сон Зангиота юқумли касалликлар шифохоналарига беморлар ётқизилиши 7 бараварга камайган.
2022 йил январь ойида “103” тез тиббий ёрдам хизматига кунлик чақириқлар сони республика бўйича 34 мингта бўлган бўлса, ушбу кўрсаткич охирги кунларда 20 мингтани ташкил этмоқда. Яъни, деярли 1,5 баробарга камайган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 23 мартидан жамоат жойларида ниқобсиз юриш тақиқланган эди. 25 мартдан эса бу қоидабузарлик учун жарима базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваригача (1,35 млн сўм) оширилган эди.