Иш берувчиларга 90 фоиз ходимларини ковидга қарши эмлаш мажбурияти юкланди

Корхоналарнинг бустер доза билан эмланмаган ходимлари вақтинчалик ишдан четлаштирилади. Буни Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қатъий назорат қилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 23 фев — Sputnik. Ўзбекистонда иш берувчиларга ходимларининг коронавирусга қарши эмланганлик, шу жумладан, бустер доза билан эмланиш даражаси 90 фоиздан кам бўлмаслигига эришиш мажбурияти юклатилди. Бундай қарор Республика махсус комиссиясининг навбатдаги йиғилишида қабул қилинди.
Давлат органлари, хўжалик юритувчи субъектлар ва бошқа ташкилотлар ходимларининг коронавирусга қарши, шу жумладан, бустер доза билан эмланмаганлиги аниқланганда, улар вақтинчалик ишдан четлаштирилади.
Ходим бустер доза билан эмланишни рад этганда, иш берувчи уни вақтинча ишдан четлаштиришини Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қатъий назоратга олади.
22 февраль ҳолатига кўра, мамлакатда коронавирусга қарши вакцинанинг 45 239 417 дозасидан фойдаланилган. Эмланиши керак бўлган аҳолининг 91,6 фоизи биринчи дозани олиб улгурган, 71,7 фоизи эса тўлиқ эмланиб бўлган.
Аввалроқ Ўзбекистонда фуқароларга 1 мартдан очиқ ҳавода ниқоб тақмасликка рухсат берилиши ҳақида ёзган эдик.