Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги вазифалари белгиланди

Туризм ва спорт вазирлиги яна иккига ажратилиб, Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Туризм ва маданий мерос вазирлиги ташкил этилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 фев — Sputnik. Туризм ва спорт вазирлиги негизида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ва Спортни ривожлантириш вазирлиги ташкил қилинди. Президентнинг тегишли фармони ЎзАда чоп қилинди.
Ҳужжатда ёзилишича, мамлакатда туризм хизматларини жадал ривожлантириш, айниқса, инфратузилмани яхшилаш, зиёрат туризми ва ички туризм имкониятларини кенгроқ ишга солиш, шунингдек, маданий мерос объектлари муҳофазасини кучайтиришга оид ишлар самарадорлигини тубдан ошириш зарур.
Таъкидланишича, спортни янада оммалаштириш, мамлакатда спорт билан шуғулланиш учун барча зарур шароитларни яратиш орқали аҳолини спортнинг барча турларига кенг жалб қилиш зарур. Қолаверса, Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари ҳамда халқаро мусобақаларда иштирок этиш учун спортчиларнинг янада пухта тайёргарлик кўришларига барча шароитларни яратиш керак.
Бу вазифалар ижросини самарали ташкил этиш, янги ёндашувлар асосида туризм ва спорт соҳаларидаги бошқарув сифатини янада ошириш мақсадида бу икки вазирлик ташкил этилган.
Туризм ва маданий мерос вазирлигининг асосий вазифалари:
ташқи ва ички туризмни ҳар томонлама кенгайтириш, янги туризм йўналишларини ишлаб чиқиш ҳамда уларни туризм бозорларида жорий қилиш, туризм бўйича нуфузли халқаро ва миллий ташкилотлар билан ҳамкорликни кенгайтириш, халқаро ва давлатлараро стандартлар ҳамда нормаларни туризм фаолияти ва амалиётига жорий этиш, мамлакатнинг туризм имижини янада ривожлантириш;
туризм турларини кўпайтириш, энг аввало, ички ва зиёрат туризми, экологик туризм, этнотуризм, ишбилармонлик туризми, спорт, гастрономик, тиббий, таълим ва илмий туризмни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, республика ҳудудларининг туризм салоҳиятидан келиб чиқиб туризмнинг истиқболли йўналишларини белгилаш, янги туризм маҳсулотларини яратиш;
маданий мерос объектларини аниқлаш, ҳисобга олиш, муҳофаза қилиш, тарғиб қилиш, давлат реестри, электрон каталоги, паспорти ва давлат кадастрини юритиш, давлат назоратини амалга ошириш, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотлар ҳужжатларининг нормалари ва тавсияларини имплементация қилиш, тарихий-маданий ҳудудларнинг тарихий-маданий қиммати, ноёблиги, табиий ландшафти ва ўзига хослигини сақлаб қолиш;
туризм хизматларининг ташқи ва ички бозорларида маркетингини олиб бориш, мамлакатнинг бебаҳо туризм салоҳиятини оммалаштириш ва тарғиб қилиш, миллий туризм маҳсулотлари ва брендларининг халқаро туризм бозорларига кириб боришига йўналтирилган фаол реклама-ахборот сиёсатини амалга ошириш;
туризм инфратузилмасини шакллантириш, шу жумладан, туризм объектларини жойлаштириш учун салоҳиятли ҳудудларда режалаштириш ва лойиҳалаштириш ишларини ташкил этиш, уларга инвесторларни жалб қилиш, туризм соҳасида тадбиркорлик фаоллиги ошишига ҳар томонлама кўмаклашиш, туризм объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда мазкур соҳани босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш.
Спортни ривожлантириш вазирлигининг асосий вазифалари:
ҳар бир шаҳарча, қишлоқ, овулда, шунингдек, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар ҳамда овуллардаги ҳар бир маҳаллада аҳоли, айниқса, болалар ва ёшлар ўртасида спорт билан шуғулланишни оммалаштириш, оммавий спорт турлари ва соғлом турмуш тарзини юритишга кенг жалб этиш борасида кенг кўламли ишларни ташкиллаштириш, уларни спорт билан мунтазам равишда шуғулланишга жалб этиш, спорт таълими тизимини такомиллаштириш ва рақамлаштириш, спорт турлари бўйича юқори натижадор спортчилар захирасини яратиш;
спорт инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан, қишлоқ ва чекка ҳудудларда спорт объектларини кўпайтириш, спорт маркетингини ривожлантириш, спорт объектларини давлат-хусусий шериклик асосида самарали бошқариш ҳамда соҳани босқичма-босқич тўлиқ рақамлаштириш, нодавлат спорт объектлари ва муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш;
мамлакатда профессионал спортни, шу жумладан, жамоавий, қишки ва экстремал спорт турларини ривожлантиришни, илғор халқаро тажрибани ҳисобга олган ҳолда, спорт тайёргарлиги жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, барча спорт турлари бўйича миллий чемпионатлар даражаси ва сифатини ошириш, халқаро ва минтақавий мусобақалар ташкил этиш, носоғлом спортга қарши тизимли чоралар кўришни таъминлаш;
Олимпия ва Паралимпия, Осиё ва Параосиё ўйинлари, жаҳон, Осиё чемпионатлари ва бошқа халқаро мусобақа ва турнирларда муваффақиятли иштирокини таъминлаш учун истиқболли спортчиларни саралаш (селекция қилиш), тайёрлаш ва маҳоратини оширишнинг, улар орасидан мамлакат терма жамоалари сифатли спорт захираси ва таркибини шакллантиришнинг самарали тизимини яратишда Миллий олимпия қўмитаси, Миллий паралимпия қўмитаси, спорт федерациялари (ассоциациялари) билан ҳамкорлик қилиш;
паралимпия ҳаракатини ривожлантириш, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган шахсларга спорт билан шуғулланиш учун шарт-шароитларни кенгайтириш, инфратузилмасини яратиш, истиқболли спортчиларни саралаш (селекция қилиш) ва профессионал спортга йўналтириш, малакали мутахассисларни тайёрлаш.
Аввалроқ президентнинг тегишли фармонлари билан Азиз Абдуҳакимов бош вазир ўринбосари – туризм ва маданий мерос вазири лавозимига, Адҳам Икромов спортни ривожлантириш вазири лавозимига тайинлангани хабар қилинган эди.