Ўзбекистон ва Эрон ҳамкорликни қандай ривожлантиради

Теҳронда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини имзолашга тайёргарлик кўришга келишиб олинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 21 фев — Sputnik. Ўзбекистон ва Эрон саноат, инвестиция ва савдо соҳаларида ҳамкорликни оширишни режалаштирмоқда. Бу масалалар Теҳронда Сардор Умурзаковнинг Эрон саноат, конлар ва савдо вазири Саид Ризо Фотими Амин билан учрашувида муҳокама қилинди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим лойиҳасини имзолашга тайёргарлик кўриш билан боғлиқ масалалар ўрганилган. Натижада ўзаро мақбул ечимлар ишлаб чиқилган ва келишиб олинган.
Томонлар харидоргир озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ўзаро етказиб беришни кўпайтириш ва ўзаро савдо салоҳиятидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини қайд этишди.
Шунингдек, икки мамлакат божхона органлари ўртасида иккала давлат бўйлаб товарлар ва транспорт воситалари ҳаракати бўйича электрон ахборот алмашинуви тўғрисидаги Ўзаро англашув меморандуми имзоланишини жадаллаштиришга келишилди.
Мирзиёев Эрон президенти билан учрашув ўтказди
Ўзбекистон ва Эрон инвестициявий ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича қатор қўшма чора-тадбирларни ўтказишга келишиб олди.