ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. 18 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев Янгиҳаёт туманига ташрифи чоғида ҳокимлар, сектор раҳбарлари ва фаоллар билан учрашувда Ўзбекистоннинг ташқи қарзига изоҳ берди. Бу ҳақда “Ўзбекистон 24” телеканалида эфирга узатилган “Менимча” кўрсатувида маълум қилинди.
“Авваламбор бизнинг ҳамма қарзимиз қонун нуқтаи назаридан… Агар бу бўлмаганида ойлик ҳам, метро ҳам бўлмас эди. Тиббиёт ходимлари ёки муаллимларнинг ойликлари ошмас эди. Ўтираверар эдик, аввалгидек қарсак чалиб, баландпарвоз гап гапириб. Бу эса менга ёқмайди”, — деди давлат раҳбари.
Шунингдек, президент раҳбарларга эрталаб вақтлироқ уйғониш кераклигини таъкидлади.
“Мен ҳокимга (Жаҳонгир Ортиқхўжаевга – таҳр.) неча марта айтаман 6:00 да уйғон деб. Ҳозир 6:00 да эмас, 5:30 да ёруғ бўлиб кетяпти”, — деди у.
Пойтахт ҳокими давлат раҳбарининг сўзларни тасдиқлаб, вақтли уйғонаётганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг ташқи қарзи 37,6 млрд долларни ташкил қилган эди. Бунда давлат қарзи 22,9 млрд доллар, давлат томонидан кафолатланмаган ташқи қарз эса 14,7 млрд доллардир.