Давлат божхона хизмати тўғрисидаги қонунга ўзгартишлар киритилди – тафсилотлар

Божхона органлари энди терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ва амалга оширишда иштирок эта олади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 20 фев — Sputnik. “Давлат божхона хизмати тўғрисида”ги қонунга қўшимча ва ўзгартишлар киритилди. Тегишли ҳужжатга президент имзо чекди.
Шунга кўра, божхона органларининг:
жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни ва оммавий қирғин қуролини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиши;
жисмоний ва юридик шахсларга қонунчиликда белгиланган тартибда пулли хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга эканлиги;
божхона назоратини амалга оширишда махсус восита сифатида хизмат итларидан фойдаланиши мумкинлиги белгиланди.
Божхона органларида лавозимлар ва уларга мувофиқ махсус унвонлар қўмита раиси томонидан тасдиқланади.
Қонунда божхона органларига қабул қилинган ходимларнинг мажбурий тартибда бирламчи касбий қайта тайёргарликдан ўтиши кераклиги белгиланди.
Содир этган жинояти учун илгари ҳукм қилинганлар, қўлланилган жазо туридан, судланганлик ҳолати тугатилганлигидан ёки олиб ташланганлигидан ва ўзига нисбатан амнистия акти ёки афв этиш қўлланилганлигидан қатъи назар ёхуд ярашув муносабати билан жиноий жавобгарликдан озод қилинган фуқаролар божхона органларига хизматга қабул қилинмайди.
Божхона, "коррупциядан холи" тизим: Мирзиёев қандай кўрсатмалар берди
Давлат божхона қўмитаси раисининг буйруғи билан Ўзбекистон ёки чет давлатнинг ОТМ ва ташкилотларига магистратура мутахассисликлари бўйича ўқишга юборилган божхона органи ходими ўқиш даврида, охирги эгаллаган лавозимидагидан кам бўлмаган миқдорлардаги пул таъминоти сақланган ҳолда божхона органларининг ихтиёрида қолдирилади.