ТОШКЕНТ, 19 фев — Sputnik. Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт” савдо мажмуасида бобо ва набира эскалатордан қулаб тушгани акс этган видео тарқалди.
Ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ изоҳ берди.
Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 18 февраль куни тахминан соат 20:30 да содир бўлган. Кармана туманида яшовчи, 1969 йилда туғилган Ш.Т. 3 ёшли набираси А.С. билан Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт” савдо мажмуасига борган.
Улар савдо мажмуасининг 5 ва 4-қават оралиғидаги эскалаторда мувозанатни йўқотиб, 1-қаватга тушиб кетган. Фуқаро Ш.Т. воқеа жойида вафот этди. Тан жароҳати олган А.С. эса вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига ётқизилди.
Навоий шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.