ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Украина ҳарбийлари Луганск халқ республикаси ҳудудини ўққа тутишда давом этмоқда, деб хабар қилмоқда ЛНР ўт очишни тўхтатиш марказида.
“Ўтган бир сутка давомида туташ чизиғида вазият кескинлашди. Рақиб томон, Киевнинг тўғридан-тўғри буйруғига асосан, можарони эскалация қилишга уринмоқда”, - деди ЛНР Халқ милицияси бошлиғи Ян Лещенко.
Унинг сўзларига кўра, Украина куч ишлатар тизими эрталабдан Луганскдаги бешта аҳоли пунктини ўққа тутди. Ундан олдин 3та аҳоли пунктлари ўққа тутилган эди.
Эслатиб ўтамиз, Украина шарқидаги можаро 8 йилдан буён давом этмоқда. Ўтган давр мобайнида унда 13 мингдан ортиқ одам қурбон бўлди, 44 минг киши жароҳатланди.
Вазиятни барқарорлаштириш мақсадида Украина ҳамда ДНР ва ЛНР вакиллари Россия, Германия ва Франция кузатуви остида 2015 йилда Минск шартномасини имзолашган эди. Шартномага кўра, иккала томон ҳам оғир артиллария қуролларини туташ чизиғидан анча узоқ масофага чекинтиради. Ундан ташқари Украина ДНР ва ЛНРда Конституцион реформа ўтказишга рози бўлиши керак эди.
Лекин Украина раҳбарияти турли баҳоналар билан ушбу шартномани бажаришдан воз кечмоқда. Ундан ташқари 2021 йилнинг кузидан бошлаб АҚШ ва НАТО давлатлари Украинага қурол-аслаҳа ва ҳарбий инструкторлар етказиб беришни бошлади. Шунингдек, бир неча ойдан буён АҚШ ва Ғарб давлатлари ОАВларда Россия Украинага бостириб киришга тайёргарлик кўраётгани ҳақида васваса тарқатиб келмоқда.