ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Самарқанд шаҳар ҳокимлигида ўтказилаётган халқ депутатлари Самарқанд шаҳар Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида ташкилий масала кўрилди.
Самарқанд шаҳар ҳокими вазифасида фаолият олиб борган Бобурмирзо Облақулов бошқа ишга ўтиши муносабати билан ўз аризасига асосан эгаллаб турган вазифасидан озод этилди. У 2019 йил май ойида шаҳар ҳокими бўлган эди.
Сессияда депутатлар Фазлиддин Умаров номзодини шаҳар ҳокими лавозимига тасдиқлашди.
Мазкур тайинловга қадар Умаров Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари – Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги директори лавозимида фаолият олиб борган.
Аввалроқ Жаҳонгир Ҳатамов Самарқанд вилояти прокурори лавозимига тайинлангани хабар қилинган эди.