ТОШКЕНТ, 17 фев — Sputnik. Рустам Шоабдураҳмонов Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси раҳбарлигидан кетди. Бу ҳақда МОҚ Ижроия қўмитасининг навбатдан ташқари йиғилишида маълум қилинди.
Таъкидланишича, йиғилишда 2019 йилнинг май ойидан бери МОҚ раиси лавозимида ишлаб келган Рустам Шоабдураҳмоновнинг ўз хоҳишига кўра лавозимидан кетиш тўғрисида ёзган аризаси кўриб чиқилган.
Сўзга чиққан Шоабдураҳмонов сўнгги йилларда давлат раҳбарининг жисмоний тарбия ва спортга қаратаётган улкан эътибори, соҳада амалга оширилаётган кенг кўламдаги ислоҳотларни эътироф этган.
“Ўз навбатида Рустам Шоабдураҳмоновнинг аризаси Ижроқўм аъзолари томонидан қабул қилинди”, - дейилган хабарда.
Янги раҳбар қўмитанинг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси йиғилишида сайланади.