“UzAuto Motors” харидорларга машина етказиб бериш санаси кўрсатилган хабарнома юборади

Буюртмачилар “UzAuto Motors” компаниясидан автомобиль етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома олишади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 15 фев — Sputnik. “UzAuto Motors” компанияси мижозларга автомобиль етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўллашни бошлайди. Президент Шавкат Мирзиёев мутасаддиларга тегишли топшириқ берди, деб хабар бермоқда унинг матбуот котиби.
Таъкидланишича, давлат раҳбари 14 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда якунида “UzAuto Motors” автомобиллари етказиб бериш муддати чўзилиб кетаётганига яна бир бор тўхталган.

“Йиғилиш якунида давлатимиз раҳбари яна автомобиль учун навбатлар мавзусига қайтиб, навбатда турган ҳар бир буюртмачига "UzAuto Motors" компанияси томонидан автомобиль етказиб бериладиган аниқ сана кўрсатилган хабарнома йўллаш бўйича топшириқ берди”, - дейилади хабарда.

Куни кеча Шавкат Мирзиёев ҳузурида машинасозлик саноатида амалга оширилаётган ишлар ва 2022 йилдаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди. Унда президент 1 майга қадар "UzAuto Motors" автомобиллари учун олдиндан тўлов миқдорини 85 фоиздан 50 фоизгача пасайтиришни буюрди.
Бундан ташқари, импорт автомобиллари учун божхона божи ставкаларини 2 баробарга (30 фоиздан 15 фоизга) пасайтириш бўйича топшириқ берилди.

Мавзуга оид:

Машинасозлик: Шавкат Мирзиёев қандай топшириқлар берди
Мирзиёев: одамлар машина етказиб берилишининг кечикишидан норози