Халқаро олимпия қўмитаси агар Камила Валиева медални қўлга киритса, тақдирлаш маросими бекор қилинишини маълум қилди: Валиева энг кучли учликка кирса, Пекин Олимпиадасининг яккалик баҳсларида тақдирлаш маросими ўтказилмайди.
Шунингдек, ХОҚ Ижроия қўмитаси Олимпиадада фигурали учиш бўйича жамоавий турнир ғолибларини тақдирлаш маросимини ўтказмасликка қарор қилди. Унда Россия терма жамоаси олтин медални қўлга киритганди.
ХОҚ Валиева иши ниҳоясига етгач “муносиб тақдирлаш маросими” ўтказишни режалаштирмоқда.
Пекин Олимпиадасида аёллар ўртасидаги яккалик баҳсларида қисқа дастури 15 феврал куни бўлиб ўтади.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Валиева билан боғлиқ вазият ҳақида: биз у мусобақада иштирок этишни давом эттира олишидан хурсандмиз, бутун мамлакат номидан унга ғалаба тилаймиз.
Халқаро допинг-тест агентлиги (ITA) аввалроқ Пекин Олимпиадасининг жамоавий баҳсларида чемпион бўлган Валиевада 2021 йил 25 декабр куниолинган допинг-тести ижобий чиққани, унда триметазидин моддаси аниқлангани ҳақида хабар берганди. Тест натижасини 8 феврал куни Стокголмдаги антидопинг лабораторияси эълон қилди. Россия антидопинг агентлиги (РУСАДА) Валиевага вақтинчалик мусобақадан четлатди, 9 феврал куни апелляциясидан сўнг нисбатан вақтинчалик четлаштириш бекор қилинди. Халқаро олимпия қўмитаси (ХОҚ), Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA) ва Халқаро конкида учиш иттифоқи (ISU) Спорт арбитраж судига протест билдиришди, иш якшанба куни кечқурун кўриб чиқилди.
Душанба куни CАС ХОҚ, ISU ва WADA апелляциялари рад этилганини эълон қилди ва Валиевага Олимпиадада қатнашишига рухсат беришга қарор қилди. CAS ўз қарорини қабул қилишда спортчининг ижобий допинг тести тўғрисида кеч хабар бергани, Валиеванинг 16 ёшга тўлмагани учун "ҳимоядаги шахс" мақомини ҳисобга олганини маълум қилди.
CAS қарорида таъкидланишича, Валиевага допинг-тест ижобий чиққани учун интизомий жазо чоралари қўлланилади, аммо бу ҳолатда конкида учувчини Ўйинларнинг яккалик баҳсларга қўймаслик унга тузатиб бўлмас зарар етказиши мумкин. Шунингдек, CAS комиссия россиялик аёл иши бўйича Олимпия ўйинларида жамоавий турнир билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқмаганини билдирди.