Эрдоған март ойида Тошкентга ташриф буюришни режалаштирмоқда

Туркия президентининг Ўзбекистонга келиш режаси борлиги Туркий давлатлар ташкилоти Оқсоқоллар кенгаши аъзолари билан учрашув давомида маълум бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 14 фев — Sputnik. Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдоған жорий йил март ойи охирларида Тошкентга ташриф буюришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда у Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) Оқсоқоллар кенгаши аъзоларини қабул қилиш чоғида маълум қилди.
Истанбулдаги "Ваҳдетдин" қароргоҳида учрашувда ташкилотга аъзо мамлакатлар ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик муносабатларини янада мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этиши таъкидланган.
Оқсоқоллар кенгашининг аъзоси Б.Сайфуллаев Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёевнинг сиёсий иродаси билан Марказий Осиёда муҳит томоман янгиланиб, яхши қўшничилик алоқалари тиклангани, ТДТга аъзо давлатлар билан мустаҳкам биродарлик ришталари боғлаганини билдирган.
“Бу фикрни Эрдўған Жаноби Олийлари қўллаб-қувватлаб, жорий йил март ойи охирларида Тошкентга боришни режалаштираётгани, кузда Ўзбекистонда бўлиб ўтиши кутилаётган Туркий давлатлар ташкилоти саммити ушбу Ташкилот фаолиятини янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамият касб этишига ишонишини билдирди”, - дейилади Сенат хабарида.
Ўзбекистонда туркиялик тадбиркорла иштирокидаги корхоналар 1 912 тани ташкил этади. Мамлакатдаги қўшма корхоналар сони бўйича Россия етакчи (2 313 та).