ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. “Оташин шоир, таржимон ва драматург Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги президент қарори қабул қилинди.
Қарор билан 2022 йилда Усмон Носир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш белгиланди.
Бу бўйича ташкилий қўмита таркиби тасдиқланди.
Қарорга кўра, шоир таваллудининг 110 йиллигини кенг нишонлаш бўйича чора-тадбирлар доирасида, жумладан:
Усмон Носир ҳаёти ва фаолиятини, хусусан, унинг қатағон даврида кечган йилларини ўрганиш, ҳозирга қадар номаълум бўлиб келаётган қўлёзма асарларининг тақдири ҳақида маълумотлар тўплаш мақсадида ишчи гyруҳ тузилади. Унинг Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек, Россиядаги тегишли архив материаллари билан танишиши учун шароит яратилади;
Наманган шаҳрида Усмон Носир ҳайкали ўрнатилади;
Тошкент ва Наманган шаҳарларидаги кўчаларга Усмон Носир номи берилади;
умумий ўрта таълим муассасалари, ижод мактаблари ўқувчилари ўртасида Усмон Носир ҳаёти ва ижодига бағишланган “Унутмас мени боғим” мавзуида иншолар танлови ўтказилади.