Ўзбекистон ва Қозоғистон темир йўл ва автобус қатновини қайта тиклашни тезлаштирмоқчи

Бундан ташқари, икки давлат ҳаво ҳудудлари бўйлаб янги маршрутлар жорий этиш масаласи муҳокама қилинди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари коронавирус пандемияси сабаб тўхтатиб қўйилган темир йўл ва автобус қатновини қайта тиклаш жараёнларини тезлаштириш ниятида. Бу ҳақда Ўзбекистон траспорт вазирлигида бўлиб ўтган Ўзбекистон – Қозоғистон ишчи гуруҳининг навбатдаги йиғилишида маълум қилинди.
“Учрашувда томонлар эпидемиологик талабларни енгиллаштириш ва қуруқлик транспортида йўловчи ташишни қайта тиклаш жараёнларини тезлаштириш муҳимлигини тасдиқлашди”, - дейилган хабарда.
Шунингдек, автомобиль ва темир йўл транспорти соҳасида ҳамкорликдаги Туркистон – Чимкент – Тошкент тезюрар темир йўли ҳамда “Учқудуқ – Қизилўрда” транспорт йўлаги инфратузилма лойиҳалари кўриб чиқилди.
Бундан ташқари, икки давлат ҳаво ҳудудлари бўйлаб ҳаво ҳаракатига хизмат кўрсатишда янги маршрутлар жорий этиш масаласи муҳокама қилинган.
Тошкент Россия ва Қозоғистонга темир йўл қатновини тиклаш бўйича мурожаат йўллади
Эслатиб ўтамиз, икки мамлакат ўртасидаги ҳаво, темир йўл ва автобус қатнови COVID-19 пандемияси сабаб 2020 йил мартида вақтинчалик тўхтатиб қўйилган эди. 2020 йил сентябрида Ўзбекистон Қозоғистон билан мунтазам парвозларни расман тиклади.