Маъмурий жарималарни текшириш ва тўлашга мўлжалланган мобил илова ишга туширилди

Қоидабузарликлар учун тўловни амалга оширишда 30 фоиз чегирма берилади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 13 фев — Sputnik. Ўзбекистон ИИВ маъмурий жарималарни текшириш ва тўлашга мўлжалланган “Менинг жарималарим” мобил иловасини ишга туширди. Уни Google Playʼда юклаб олиш мумкин.
Иловада маъмурий ҳуқуқбузарликларингизни қуйидагича излаш мавжуд:
баённома рақами бўйича излаш;
буюртма рақами бўйича излаш;
квитанция рақами бўйича излаш.
Шунингдек, қоидабузарликлар учун тўловни амалга оширишда 30 фоиз чегирма берилади. Дастлабки 15 кун ичида, деярли барча жарималар 30 фоиз арзонроқ тўланиши мумкин (қарор чиқарилгандан кейин дастлабки 15 кун давомида амал қилади).
OneID (Ягона идентификация тизими) орқали рўйхатдан ўтишда маъмурий ҳуқуқбузарликлар ҳақида қуйидаги маълумотларни олиш мумкин:
маъмурий ишнинг ҳозирги ҳолати;
маъмурий баённомани юклаб олиш имконияти;
жарима тўловлари тарихи;
қарор ҳолатини билиш;
жарима тўлангани тўғрисидаги квитанцияни текшириш;
суд мажлисининг санасини аниқлаш;
орган ёки суд қарорларини PDF форматида юклаб олиш;
йўл ҳаракати жаримасини тўлаш;
маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жарима тўлаш.
“Менинг жарималарим" иловаси орқали жарималарни Uzcard ва Humo банк карталари ёрдамида тўлаш мумкин. Бунда расмий квитанция берилади.