Бу қизиқ

“Офис” касалликларини қандай олдини олиш мумкин? - шифокор тавсияси

Компьютер қаршисида ишлайдиган инсонларда биринчи навбатда таянч ҳаракат органлари касалликларининг пайдо бўлиши эҳтимоли юқори.
Sputnik
Кўп вақт компьютер қаршисида ишлаш ва жисмоний фаолиятнинг камлиги “офис” касалликларига сабаб бўлади.
Буни қандай олдини олиш мумкин? Врач-терапевт Галина Родченкова Sputnik радиосида фойдали тавсиялари билан бўлишди.
Носоғлом овқат, узоқ вақт ўтириб ишлаш, стресс, иш ва дам олишда тартибсизлик саломатликда кўплаб муаммоларга олиб келади. Бироқ бир қанча оддий одатлар “офис” касалликларини олдини олишда ёрдам беради.
Ҳар куни компьютер қаршисида ишлайдиган инсонларда биринчи навбатда таянч ҳаракат органлари касалликларининг пайдо бўлиши эҳтимоли юқори.
“Кўп вақт ўтирган ҳолда ишлаш одатда умуртқанинг бўйин соҳасида оғриқларга сабаб бўлади. Ҳамда ўнг қўлда, чапақайларда эса чап қўл, хусусан белда оғриқлар пайдо бўлади”, - дейди шифокор.
Шунингдек, шифокорнинг таъкидлашича, варикоз, геморрой ва қон босими муаммолари ҳам “офис” касалликлари сирасига киради. Бундан ташқари, иш вақтида носоғлом овқатланиш семизлик, вазн ортишини келтириб чиқаради. Жумладан, узоқ вақт компьютер билан ишлашда кўриш қобилиятининг пасайиб кетиши ҳам барчага маълум.
“Тавсия ва қоидалар жуда оддий. Кўриш қобилияти пасаймаслиги учун мунтазам кўз машқларини бажариш лозим. Овқатланиш тизимини қаттиқ назорат қилиш ва ишда фаст фудлардан воз кечиш керак. Геморрой ва варикоз касалликларни олдини олиш учун эса ҳар 30 дақиқада ишда озроқ гимнастика ёки кичик сайр билан танаффус қилиш яхши натижа беради. Юқори қаватларга кўтарилишда лифтдан эмас, балки зинадан фойдаланиш ҳам фойдали”, дейди терапевт.
Мутахассиснинг таъкидлашича, агар юқоридаги касалликлар аломатлари пайдо бўлган бўлса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш лозим.