Бу қизиқ

Ошқовоқ аёллар ва эркакларга нимаси билан фойдали

Ошқовоқнинг фойдали хусусиятлари туфайли ундан ҳатто тиббиётда шамоллаш касалликларини даволовчи препаратлар тайёрланади.
Sputnik
Ошқовоқнинг кўплаб фойдали жиҳатлари маълум. Биринчидан, ошқовоқ энг яхши парҳезбоп маҳсулот. Таркибидаги озуқавий толаларга бойлиги сабаб организмдан зарарли шлакларни чиқариб ташлайди. Бундан ташқари, унда А, С, Е, К, Т ва В гуруҳи витаминлари бор. Яна ушбу ажойиб сабзавотда калий, кальций, фосфор ва темир моддалари мавжуд.
Тиббиёт фанлари доктори, парҳезшунос Михаил Гинзбург РИА Новостига қовоқни қиш фаслида истеъмол қилишнинг фойдали хусусиятлари ҳақида сўзлаб берди.
“Қовоқда шамоллаш ва грипп мавсумида зарур бўлган минераллар кўп”, дейди Гинзбург.
Гап шундаки, қовоқ таркибида шамоллашга қарши аскорбин кислотаси бор. Шу сабаб қовоқ препарат тайёрлашда ҳам ишлатилади. Қиш фаслида инсонда чарчоқ ҳисси ошади, стрессга таъсирчанлик кучаяди. Ушбу сабзавот таркибидаги В гуруҳи витаминлари чарчоқ ва уйқусизликда яхши таъсир кўрсатади. Шунинг учун уйқудан олдин бир стакан қовоқ шарбатини истеъмол қилиш ҳам фойдали.

“Қовоқ шарбати ва пистаси эркаклар саломатлиги учун ҳам фойдали жиҳатларга эга. Бундан ташқари, аёллар организмига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Масалан, қовоқ ҳомиладор аёлларнинг ҳар кунлик рационида бўлиши лозим. Чунки у токсикозни енгил ўтказишда ёрдам беради”, - дейди мутахассис.

Хусусан, ошқовоқ қишда терини яхши ҳолатда сақлашда кўмак беради. Таркибидаги фаол А ва Е витаминлари туфайли косметологияда, тери қаришини олдини олишда кенг қўлланилади.