Андижондаги шифохонада кучли портлаш: 1 киши вафот этди, 4 киши жароҳатланди

Андижон вилояти Шаҳрихон тумани, Қорақўрпа маҳалласида жойлашган шифохонада газ портлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 11 фев — Sputnik. Бугун соат 11:30да Андижон вилояти Шаҳрихон тумани, Қорақўрпа маҳалласида жойлашган шифохонада газ портлади.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодиса оқибатида 7 киши жабрланди. Ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот йўқ.
Айни дамда воқеа жойида қутқарувчилар ишламоқда.
ФВВ матбуот хизмати ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот берди.
3 қаватли “Зитерия” МЧЖ Диагностика ва даволаш масканининг 1-қаватида асосан ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши содир бўлди.
Юзага келган кинетик зарба натижасида бино деворларига шикаст етди.
Воқеа жойига вилоят ФВВнинг ёнғин-қутқарув гуруҳи зудлик билан етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борди.
Ҳодиса оқибатида бир нафар фуқаро воқеа жойида вафот этди, тўрт нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, туман шифохонасига жойлаштирилди.
Ҳодиса жойига ФВВ раҳбарияти, ИИБ, ССБ, Прокуратура ва бошқа тегишли хизмат ходимлари етиб борди.
Дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.