ТОШКЕНТ, 9 фев — Sputnik. Шу йилнинг январь ойида Тошкент вилоятидаги иккита Зангиота юқумли касалликлар шифохонасига жами 8601 нафар бемор мурожаат қилган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабарига кўра, улардан 6856 нафарини катталар, 811 нафарини ҳомиладор аёллар, 934 нафарини эса болалар ташкил этган.
“Афсуски, ушбу беморларнинг 8243 нафари коронавирусга қарши вакцина олмаган. Касалланганларнинг бор-йўғи 358 нафари, яъни 4,1 фоизи COVID-19 га қарши эмланган, холос. Уларнинг орасида ўлим ҳолати қайд этилмаган”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича вакцина олмаган беморларда касаллик оғир ва ўта оғир даражада кечиб, ҳатто ўлим ҳолатлари ҳам кузатилган.
Вазирлик яна бир бор фуқароларни ўз саломатлигига эътиборли бўлиб, коронавирусга қарши вакцина олишга ва бустер доза билан эмланишга чақирган.
7 февраль ҳолатига кўра, мамлакатда жами 42 631 704 доза вакцинадан фойдаланилган. Эмланиши керак бўлган аҳолининг 90,7 фоизи коронавирусга қарши вакцинанинг биринчи дозасини олишга улгурган. 69,5 фоизи эса тўлиқ эмланиб бўлган.