Россия ўзбекистонликларни ишга жалб қилиш бўйича пилот лойиҳасини кенгайтирди

Россия ҳукумати ўзбекистонликларни мамлакатга ишлашга жалб қилиш бўйича пилот лойиҳасини кенгайтирди.
Sputnik
Россия ҳукумати ўзбекистонликларни мамлакатга ишлашга жалб қилиш бўйича пилот лойиҳасини кенгайтирди.
Ҳукуматнинг янги қарорига кўра, эндиликда Россияда ишлаш учун нафақат қурувчилар, балки қишлоқ хўжалиги ходимлари ҳам жалб қилинади.
Шу тариқа, Ўзбекистоннинг 10 минг нафар фуқаросини қурилиш соҳасига, 1 108 нафарини қишлоқ хўжалигига жалб этиш режалаштирилган.
Ҳозир Тошкентда россиялик шифокорлар Россияга ишлаш истагини билдирган фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказмоқда. Улар “Спутник Лайт” вакцинаси билан эмланади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг ноябр ойида Ўзбекистон фуқароларини Россия Федерациясига юбориш бўйича пилот лойиҳаси бошланганди.
Лойиҳа доирасида номзодларни ишга жалб қилиш билан боғлиқ, жумладан, тиббий кўрикдан ўтказиш, эмлаш, рус тили, Россия қонунчилиги бўйича имтиҳон топшириш, патент расмийлаштириш ва транспорт харажатлари иш берувчилар томонидан қопланади.
Декабр ойида Россия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги республиканинг мингдан зиёд фуқароларини ўша пилот лойиҳа доирасида агросаноат мажмуалари корхоналаридаги ишларга жалб қилиш тўғрисида ҳукумат қарори лойиҳасини тайёрлаганди.
Қайд этилишича, ишга жойлашиш учун фуқароларга махсус тиббиёт картаси лозим бўлади. Ҳужжат озиқ-овқат маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналарига кириш учун зарур.
Ишчилар сабзавотчилик, боғдорчилик, паррандачилик, чорвачилик ҳамда озиқ-овқат ва қайта ишловчи саноатга керак.