ТОШКЕНТ, 8 фев — Sputnik. Поп туман ИИБ ходимлари томонидан олиб борилган тадбир давомида, шу куни 46 ёшли У.Б. Поп туман Барчабек кўчасида жойлашган яшаш хонадонида ўзини 4 нафар маҳалладошларига ўйин қартаси ёрдамида қимор ўйнаши учун шароит яратиб берганлиги аниқланиб, хонадонидан 36 дона ўйин қартаси, қимор учун тикилган 1 400 000 сўм пул маблағ ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинди. Бу ҳақда Тергов департаменти хабар қилди.
Ҳолат юзасидан Поп туман ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан У.Б.га нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 278-моддаси 1-қисми (Қимор ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни ташкил этиш ҳамда ўтказиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинди.
Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.